Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 июль куни Тошкент вилоятида Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. ОТМни қайта ташкил этиш режалари тўғрисида давлат раҳбарининг яқиндагина пойтахт вилоятига ташрифида айтиб ўтилган эди.

Ҳужжатда қайд этилишича, институтнинг қайтадан очилишидан мақсад ҳудуднинг тарбиячилар ва айниқса аниқ фанлар, хорижий тиллар ўқитувчиларига бўлган талабини қондириш, жаҳон стандартларига жавоб берувчи педагог кадрларни тайёрлашдан иборат.

Институтда тарих, физика-математика, табиий фанлар, ўзбек тили ва адабиёти, хорижий тиллар, жисмоний маданият, мактабгача ва бошланғич таълим, шунингдек педагогика факультетлари фаолият кўрсатади.

2017/2018 ўқув йилида қабул квотаси 750 киши деб белгиланди. Уларнинг 515 нафари ўзбек тилида, 235 нафари эса рус тилида таълим олади (барчаси тўлов-шартнома асосида).