Янги ўқув йилидан бошлаб Олмалиқда (Тошкент вилояти) Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети филиали очилади. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 июлдаги пойтахт вилояти ишлаб чиқариш-саноат соҳалари учун муҳандис-техник кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ кон-металлургия факультети ёпилади. Мазкур факультет бакавриатининг 1−3-босқич талабалари 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб Навоий давлат кончилик институти ёки ТДТУнинг Олмалиқ филиалига ўтказилади.

2017/2018 ўқув йилида Навоий давлат кончилик институтининг Олмалиқ филиалига кирган талабалар филиалнинг сиртқи бўлимига ўтказилади. Филиал махсус сиртқи ва кечки бўлимларга эга бўлиб, ўрта махсус касб-ҳунар маълумоти ҳамда «Олмалиқ КМК», «Ўзметкомбинат», «Ўзбеккўмир», Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси корхоналари йўналишларида энг камида уч йиллик иш тажрибасига эга шахслар суҳбат ўтказиш йўли билан мақсадли қабулга жалб этилади.

Сиртқи ва кечки таълим тўлов-шартнома асосида амалга оширилади. Жами бўлиб 150 киши — ҳар бир бўлимга 75 нафардан кишини қабул қилиш режалаштирилган. Бунда ўқишни тугатгандан камида беш йил давомида кўрсатилган иш жойида мажбурий ишлаш кўзда тутилган шартнома имзоланади.

Қарорда Олмалиқда Россиянинг Давлат федерал автоном олий таълим муассасаси «МИСиС» Миллий тадқиқот технология университети" филиалини ташкил этиш бўйича ташкилий комиссия таркиби ҳам тасдиқланди. Уч ой муддат ичида таклифлар ҳукуматга киритилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда ТДТУнинг Термиз филиали ҳам очилмоқда.