Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 июль куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаниклини қабул қилди. ЎзА хабарига кўра, учрашувда икки мамлакат ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Туркия миллий мудофаа вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга қабул учун самимий миннатдорлик билдирди ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг эзгу тилакларини етказди.

Нуреттин Жаникли Ўзбекистонда Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди ва Туркия томони давлатларимиз ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Нуреттин Жаниклининг Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашувида Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирликлари ҳарбий-таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг тажриба ва билим алмашишини мустаҳкамлаш, ҳарбий-техника соҳасида икки томонлама муносабатларни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланди.

2018 йилда Туркия ҳарбий-ўқув юртлари ва марказларининг тайёрлов курсларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини ўқитишни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

«O‘zbekiston 24» телеканалининг хабар қилишича, бир ой муқаддам Ўзбекистонда замонавий намунадаги турк ихтисослашган автомобиль техникаси синовдан ўтказилган эди. Ҳозирда уни мамлакатга етказиб бериш ва уни Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари кўриб чиқилмоқда.