Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Азиз Абдуҳакимов 26 июль куни ишлаш учун Россияга отланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб боришлари учун ташкилий равишда жўнатиш тўғрисидаги келишув имзоланган эди.

Ўзбекистон меҳнат мигрантлари муаммосига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб, уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига улкан ҳисса қўшаётганини тан олмоқда. Ўзбекистон ҳукумати уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни режалаштирган, дея қайд этилди вазирликда.

Россия иш берувчилари томонидан таклиф этилаётган ҳайдовчилик, қурувчилик, устачилик, токарлик, тикувчилик ва бошқа мутахассисликлар бўйича фуқаролар ташкилий равишда йиғилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги РФ ташкилот ва муассасалари билан меҳнат мигрантлари муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, улар фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун музокаралар олиб бормоқда.

Агентликнинг Россия ва Корея Республикасидаги ваколатхоналарини очиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Самарқанд ва Фарғонада меҳнат мигрантларига ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги марказлар фаолиятини бошлайди.