«Ўзбеккўмир» ва «Шарғункўмир» «Ўзбекистон темир йўллари» таркибига киритилди. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26 июлдаги кўмир соҳаси фаолияти самарадорлигини ошириш ва бошқарув тузилмасини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда «Ўзбеккўмир"нинг амалдаги бошқарув тизими ва раҳбарияти кўмир соҳасини ривожлантириш бўйича қўйилган вазифалар ва Дастурни [2017−2021 йилларда кўмир саноатини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш] ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек республика аҳолисини ҳамда ижтимоий объектларни талаб қилинган миқдор ва сифатдаги кўмир маҳсулотлари билан таъминлашда кўп сонли камчиликлар йўл қўйгани ва соҳа фаолияти устидан шикоятларнинг кўпайишига олиб келгани қайд этиб ўтилган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув тузилмасида саноат ишлаб чиқариш масалалари бўйича раис ўринбосари лавозими таъсис этилди.

Қарор билан «Кўмир таъминот» маҳсулотларини етказиб бериш ва сотиш бўйича ягона корхонани ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар тасдиқланди. «Ўзбеккўмир» ҳудудий дистрибьюторлик марказлари унитар корхоналари унинг филиалларига айлантирилади.