Ўзбекистон ОТМлари тузилмасида таълим сифатини назорат қилувчи бўлимлар ташкил этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 18 июлдаги Вазирлар Маҳкамаси қошида таълим сифатини назорат қилиш бўйича Давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Инспекция Президентнинг 20 апрелдаги қарори билан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш, педагог кадрлар ва таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш сифатини назорат қилиш бўйича бошқармаси базасида ташкил этилган эди.

Янги бўлимлар зиммасига ОТМларни ички аттестациядан ўтказиш ва улар натижаларини тақдим этиш, шунингдек таълим сифатига таъсир кўрсатувчи омиллар тўғрисида ОТМ ректори ва давинспекцияга хабар бериш юклатилган.

Бўлимлар ходимлари бошлиқ ва икки нафар бош мутахассисдан таркиб топиб, давлат инспекцияси томонидан тайинланади ва вазифасидан озод қилинади.