Шоазим Миноваров яқиндагина Вазирлар Маҳкамаси қошида ташкил этилган Ислом маданияти марказига директор этиб тайинланди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар қилди.

Шоазим Миноваров Тошкент Француз альянсига у ташкил этилган 2015 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди.

«Жаҳон» АА уни тажрибали дипломат ва таржимон сифатида эътироф этди. Шоазим Миноваров — фрунцуз ҳукуматининг «Хизматлари учун» кавалер ордени билан тақдирланган биринчи Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Ислом маданияти маркази Президентнинг 23 июндаги қарори билан ташкил этилди. Norma.uz маълумотига кўра, ислом дини доимий равишда барча инсонларни, барча халқлар ва элатларни ёрқин ҳаёт, инсонпарварлик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка чорлашини чуқур таҳлил қилиш, шунингдек исломнинг асл, инсонпарварлик аҳамиятини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқотларни олиб бориш унинг асосий вазифаси ҳисобланади. Марказ ислом дини ривожига улкан ҳиссасини қўшган алломалар меросини ўрганиш билан ҳам шуғулланади.

Марказ маъмурияти ва асосий биноси, жумладан кутубхона ва музей Тошкентда, Ҳастимом мажмуасига ёндош ҳудудда барпо этилади.