Киношунос ва фтосуратчи Умида Аҳмедова душанба куни пойтахтдаги ZERO LINE галереясида ўзининг биринчи шахсий кўргазмасини очди. У август сўнгига қадар давом этади.

«Осуда осмон» деб номланган кўргазмада жами 15 та фотосурат ва видеоарт йўналишидаги 3 та иш намойишга қўйилган.

«Осуда осмон» учун минглаб ишлардан энг яхшилари саралаб олинган. «Мен ҳеч қаерда кўрсатилмаган нимадир қилишни хоҳлаган эдим. Сўнгги йиллардаги энг яхши фотосуратларимни жамладим. Бир давр ўтиб, бошқаси келди, унинг яхши бўлишидан, фотографиянинг санъат сифатида ривожланиши учун янада кўпроқ имкониятлар берилишдан умидворман», — деди фотограф.

Умида Аҳмедованинг Ўзбекистондаги сўнгги шахсий кўргазмаси 2008 йилда Фарғонада бўлиб ўтган эди. Унинг ишлари Копенгаген (2006), Нижний Новгород (2010), Ростов-на-Дону (2010), Тбилисида намойиш қилинган.

Умида Аҳмедова — қатор халқаро мукофотлар соҳибаси. Жумладан, «Пресс Фото России-2004» танловида «Марказий Осиё замонавий фотографияси» номинациясида ғолиб бўлган. 2016 йил май ойида Вацлав Гавел Халқаро мукофотида ғолиблар қаторидан ўрин олди.

Фото