Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Азим Аҳмадхўжаев ва Siemens компаниясининг Ўзбекистондаги директори Искандар Бўронов 24 июль куни Берлиндаги Германия-Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида ўзаро тушуниш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Siemens маҳаллий ваколатхонасидан «Газета.uz"га хабар қилинди.

Томонлар энергетика, саноат, транспорт инфратузилмаларини модернизация қилиш, автоматлаштириш ва хавфсиз бинолар, шунингдек ишлаб чиқариш соҳаларида рақамлаштириш каби йўналишларда стратегик ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Ҳужжатда Ўзбекистонда инновацион технологияларга урғу қаратган ҳолда энергетикани ривожлантиришга тайёргарлик кўриш кўзда тутилган. Ўзбекистон корхоналарида «рақамли ишлаб чиқариш» технологияларини жорий этиш имкониятлари ўрганилади.

Инновацион ечимларни темир йўл транспорти соҳасига ҳам жорий этиш кўзда тутилган. Сортировка станцияларини ташкил этиш, темир йўл инфратузилмаларини электрлаштириш ва автоматлаштириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш белгиланган.