Куну тун ишловчи янги «O‘zbekiston 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканали 24 июль куни 10:00 да ўз эфирларини бошлади. Канал яқинда ёпилган Diyor канали частоталарида фаолият кўрсатади.

Эфир Ўзбекистон давлат мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг ўзбек, рус ва инглиз тилларида жамоа билан таништирилди.

Телеканал логотипи.

Эфирнинг биринчи соати давомида канал ҳаётидан лавҳалар, таниқли шахслар, жумладан россиялик кардиожарроҳ Лео Бокерия, Ҳиндистон ва Қозоғистон элчилари, олимлар, журналистлар ва оддий томошабинлар табриклари намойиш этилди.

«O‘zbekiston 24» канали 24 июль куни 60 ёшни «>қарши олган Шавкат Мирзиёевнинг туғилган кунига тўғри келди. Журналистлар мурожаатида бир неча бор давлат раҳбарлари ташаббуслари тўғрисида сўз кетди.

Каналда 251 нафар мутахассис фаолият кўрсатади. Уларнинг аксарияти Миллий телерадиокомпаниянинг бошқа каналларида ишлаб, аудиторияга танилиб улгурган. Канал хорижда ўз мухбирлик пунктларини очишни режалаштирмоқда.

Бунга қадар МТРКнинг 9 та каналида 56 та янгиликлар дастури эфирга узатилган. Янги каналда бир вақтнинг ўзида «O‘zbekiston 24» ва «Ўзбекистон» каналларида намойиш этилувчи «Ахборот» ва «Таҳлилнома» ахборот-таҳлилий дастурлар тайёрланади.