Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси Тошкент вилоятининг Пскент ва Ўртачирчиқ туманларида Оҳангарон дарёси ўзанида қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд ўтказди.

Қўмита матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, айрим «тадбиркор фуқаролар ўзанни тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш баҳонаси билан бундай фаолиятни олиб бормоқда». Ушбу ишларнинг зарур кўникма ва рухсатномаларсиз амалга оширилиши дарё тубининг пасайиши ва сувлар ҳолатини хавф остига қолдириши мумкин. Натижада туташ ҳудудларнинг ботқоқланиши ва қирғоқларнинг емирилиши бошланади.

Рейд жараёнида инспекторлар ноқонуний қазиб олиш ишларининг устидан чиқишди. Қонунбузарлар ишларини тезда якунлаб, яширинишга уринишди, бироқ буни уддасидан чиқа олишмади. Тўрт киши — экскватор ҳайдовчиси ва учта юк машинаси ҳайдовчиси — жаримага тортилди.