Ўзбекистон Молия вазирлиги мамлакат Молия бозорини ўрта ва узоқ муддатда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Концепцияни ишлаб чиқишда Корея фонд биржаси, БМТТД, Халқаро молия корпорацияси, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ва бошқа тузилмалар экспертлари иштирок этди.

Бугунги кунда мамлакатда 900 мингга яқин жисмоний ва юридик шахслар 42,1 трлн сўм номинал қийматидаги акцияларга эгалик қилмоқда. 2016 йилда корпоратив қимматли қоғозлар (акция ва облигациялар) айланмаси 14,5 трлн сўм даражасида қайд этилиб, бу мамлакат ЯММнинг 7,3 фоизига тенг демакдир. Солиштириш учун 2015 йилги маълумотларга эътибор қаратсак, 2015 йилда Корея Республикасида бу кўрсаткич ўртача 133,8 фоиз, Японияда 127,1 фоиз, Туркияда 48,7 фоиз, Германияда 43,8 фоиз, Россияда 8,6 фоизни ташкил этган (Жаҳон банки ахбороти).

«Фонд бозори, жумладан иккиламчи бозордаги жорий вазият миллий капитал бозори аҳоли ва сармоядорлар, жумладан хорижлик инвесторларнинг эркин маблағларини жалб этиш йўли билан иқтисодиётнинг реал секторини молиялаштириш бўйича ўзининг асосий вазифаларини бажармаганидан гувоҳлик бермоқда», — дейилади концепция лойиҳасида.

Хусусийлаштириш жараёнларига ҳаддан зиёд таъсирчанлик, АЖларга талабларнинг асоссиз равишда ошириб юборилгани, молия бозори секторларини қайта ислоҳ қилишда мувозанатлаштирилган ёндашувнинг мавжуд эмаслиги бозорнинг ривожланишига асосий тўсқинлик қилган сабаблар сифатида келтирилган.

Концепцияни амалга ошириш учун 2017−2021 йилларда молия бозорини ривожлантириш комплекс дастурини тасдиқлаш таклиф қилинган. Унда қимматли қоғозлар бозори ҳуқуқий норматив ҳужжатларини, суғурта ва банк хизматларини такомиллаштириш, янги молиявий воситаларни жорий этиш, молия бозорини назорат қилиш тизимини институционал мустаҳкамлаш ва бошқалар кўзда тутилган.