Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида (собиқ Жиззах тумани, ўтган йил охирида қайта номланди) Шароф Рашидов бюсти очилди, деб хабар қилди ЎзА.

Туман марказида барпо этилган обод ва кўркам майдонга ўрнатилган ёдгорликка ёпилган пардани Шароф Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидова ва Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов очди. Ёдгорлик пойига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, яқинлари томонидан гулчамбарлар қўйилди, ушбу инсонга ҳурмат бажо келтирилди.

27 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Айни дамда Жиззахда мемориал уй-музейини ташкил этиш, адибнинг «Сайланма» асарлар тўпламини, шунингдек, «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» номли хотира китобини нашрга тайёрлаш, ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм яратиш ишлари амалга оширилмоқда.