Хоразмда машҳур хонанда-ҳофиз ва бастакор Комилжон Отаниёзов(1917−1975) таваллудининг 100-йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

Огаҳий номидаги вилоят мусиқали драма театрида хотира кечаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам қатнашчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Бадиий жамоалар ва хонандалар томонидан Комилжон Отаниёзов ижодий меросидан намуналар ижро этилди. «Уч бўстон булбули» номли спектакль, ҳофиз ҳаёти ва ижодига бағишланган видеофильм намойиш этилди.

Улуғ санъаткор туғилиб вояга етган Шовот туманида Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғи реконструкция қилиниб, ҳар томонлама обод масканга айлантирилди. Урганчда унинг хотираси билан аталган боғ ва ижод маркази, уй-музейи ташкил этилди. Ҳофиз сиймоси акс эттирилган ёдгорлик ўрнатилди.