Тошкентда Судьялар олий кенгаши, Конституциявий ва Олий судлар, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги одил судлов муаммоларини ўрганиш Тадқиқот маркази, Олий суд ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш бўйича Департаменти ҳамда Ўзбекистон судлар Ассоциацияси жойлашадиган «Адолат саройи» мажмуаси қурилади. Бу ерда янги ташкил этиладиган Одил судлов академияси биноси ҳам жойлаштирилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 июль куни шу ҳақдаги фармойишни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, суд жараёнларининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳаммабоплиги тамойилларини амалга ошириш, судларнинг ҳокимиятнинг мустақил тармоғи сифатидаги нуфузини юксалтириш, аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда.

«Адолат саройи"да очиқ суд мажлисларини кузатиш бўйича махсус зал бунёд этилади. У фуқароларга очиқ суд мажлисларига ташриф буюриш ёки мамлакат бўйлаб очиқ жараёнларни реал вақт режимида кузатиш имкониятини тақдим этувчи ускуна ва технологиялар билан таъминланади.

Ўзбекистон Бадиий академияси Олий суд билан ҳамкорликда бир ой муддатда мажмуа ҳудудида ўрнатиш учун Амир Темур ёдгорлигини яратиш бўйича танлов эълон қилиши лозим.

Қўшимча равишда Одил судлов академияси тингловчилари яшаши учун меҳмонхона, кутиш зали, автотураргоҳ ва ҳибсга олинганларни хавфсиз сақлаш учун иншоот қурилади.