Президент Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Санкт-Петербургда (Россия) Ўзбекистон Бош консуллиги очиш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари сайти.

Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга сифатли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг миграцион оқимини мониторинг қилиш мақсадида қабул қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистон Россияда иккита дипломатлик ваколатхона — Москвадаги элчихона ва Новосибирскдаги Бош консулликка эга. Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Қозон, Ростов-на-Дону, Екатеринбург ва Владивосток шаҳарларида ҳам консуллик муассасаларини очиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Яқинда Ўзбекистон ТИВ раҳбари томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, 2016 йилда Россияга 1,7 млн нафар Ўзбекистон фуқароси келган.