Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси тузилмасида қатор ўзгаришлар рўй берди. Улар Президентнинг 18 июлдаги фармонида кўзда тутилган.

Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқарма негизида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ташкил этилди.

Ахборот-таҳлил бош бошқармасининг Техник бошқармаси негизида Ахборот-коммуникация технологиялари бош бошқармаси тузилди.

Ахборот-таҳлил бош бошқармаси Таҳлил ва прогнозлаштириш бош бошқармасига, Солиқ солиш методологияси бошқармаси Методология ва солиқ органларини модернизация қилиш бошқармасига, Ахборот хизмати Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига, Юридик бўлим Юридик бошқармага айлантирилди ва унинг таркибида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларида тегишли бўлинмалари (шўъбалари) бўлган солиқ низоларини судгача ҳал этиш бўлими очилди.

Солиқ органлари фаолиятига замонавий АКТни жорий этиш учун масъул бўлган ДСҚ раисининг ўринбосари — АКТ бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди.

1 январдан бошлаб ДСХ органлари ходимлари турар жой ижараси учун ҳар ойлик пулли бадал ва имтиёзли шартлар асосида турар жой харид қилиш учун узоқ муддатлик ипотека кредитларини олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин. Ушбу ҳуқуқдан айни дамда судьялар ва прокуратура органлари ходимлари фойдаланиб келмоқда.