Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда бир қатор муаммолар мавжудлиги сабабли Фармон билан давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ қилишнинг қуйидаги муҳим йўналишлари белгиланди:

солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базанинг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, ваколатли органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқ солиш масалалари билан боғлиқ бўлган ишончли ахборотини ўз муддатида тақдим этиш бўйича масъулиятини ошириш;

солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш;

макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олиш ва солиқ солинадиган базани кенгайтиришни таъминлаш бўйича самарали тадбирларни амалга ошириш;

фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш;

солиқ солиш масалалари, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш;

кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини юқори маънавий-ахлоқий сифатларга эга малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш.

Фармон билан солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли — солиқ мониторинги жорий этилмоқда.

Илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, йирик хўжалик юритувчи субъектларга ўз вақтида ва самарали хизмат кўрсатиш мақсадида улар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига юклатилмоқда.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар — хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари бериш тарзидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакли назарда тутилмоқда. Шунингдек солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддати икки бараварга қисқартирилмоқда.

Солиқ назоратининг тўғридан-тўғри мулоқотсиз шакллари самарадорлигини ошириш мақсадида камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида «соғлом рақобат"ни таъминлаш ва «хуфиёна бизнес» юритишга барҳам бериш мақсадида:

давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларни 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда;

солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилмоқда.

Шу билан бир қаторда, реал иш ўринларини легаллаштириш учун давлат солиқ хизмати органларига хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга ошириш вазифалари юклатилмоқда.

Фармон билан Ўзбекистон Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилиб, унинг фаолияти бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш, солиқ ва божхона тўловларининг йиғилувчанлик даражасини тизимли таҳлил қилиш, Давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичларининг холислиги ва асослилигини баҳолаш, солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш устидан назоратни амалга оширишга йўналтирилади.

Солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини мувофиқлаштириш ва солиқ тўловчиларга интерактив давлат хизматлари тақдим этиш амалиётини кенгайтириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, Фармон билан 37 та банддан иборат Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия ташкил этилди. Ушбу комиссияга, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди:

солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ва методологиясини тубдан такомиллаштириш;

солиқ юкини янада камайтириш, бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштириш;

солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этишни ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилаш;

айрим якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштириш;

ҳалол, шу жумладан иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этиш.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан, шунингдек солиқ тўловчиларга солиқ органларининг барча давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Фармон қоидаларининг амалга оширилиши солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, унинг шаффофлигини таъминлайди, бу эса, шубҳасиз, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишида ўз аксини топади.