Тошкент вилоятининг Бекобод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир оиланинг уч аъзоси ҳалок бўлди, деб хебар бермоқда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

Авария «Қорасув-Бўка-Бекобод» автомобиль йўлининг 76-километрида содир бўлди. Ўртачирчиқ туманининг 1990 йилда туғилган фуқароси бошқариб келаётган HOWO русумли юк машинаси қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Бекобод туманининг 1986 йилда туғилган фуқароси, унинг 1990 йилда туғилган турмуш ўртоғи ва 2015 йилда туғилган қизи кетаётган Damas минивэни билан тўқнашиб кетади. Олинган тан жароҳатлари натижасида оиланинг уч аъзоси ҳалок бўлади.

Ҳодиса вақтида Damas автомобили билан ёнма-ён кетаётган яна бир шу русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четига чиқиб кетади ва ағдарилади.

ЙТҲ ҳодисаси юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми бўйича (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига олиб келса) жиноий иш қўзғатилди.