Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 июль куни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги нишонлашга тайёргарлик кўриш ва нишонлаш тўғрисидаги фармойишга имзо чекди. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар қилинди.

Ҳужжат улуғ алломаларнинг ҳаёти ва фаолиятини, улар қолдирган бой илмий-диний мероснинг гуманистик моҳиятини чуқур ўрганиш, шу асосда Ўзбекистон халқини, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида қабул қилинди.

Фармойишга мувофиқ, ушбу алломаларнинг таваллуди 2018 йил сентябрь-октябрь ойларида кенг миқёсда нишонланади.

Таваллуд саналари муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Накшбанд ҳаёти ва ижодига оид нашрлар ҳамда уларнинг меросидан намуналар, жумладан, хорижий тилларда чоп этилади.

Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти, фаолияти, илмий меросига оид хорижий мамлакатлардаги қўлёзма манбалар, илмий тадқиқотлар ва адабиётлар ҳақидаги маълумотлар жамланиб, нашр этилади.

Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади.

Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг асоси бўлган меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, илм-маърифатга интилиш, меҳр-оқибатли бўлиш ғоялари ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилинади. Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва уларнинг инфратузилмаси ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.