Тахминан бир ҳафта аввал Тошкентда йўқолган етти ёшли Муроджон соғ-омон ҳолатда топилди. Бу ҳақда боланинг отаси Қобилжон Абдурахимов «Газета.uz"га хабар берди.

Бола 7 июль эрта тонгда Яккасарой туманида жойлашган уйидан дераза орқали чиқиб кетган. 13 июлда уни Учтепа туманида топишди.

«Уни онам кечқурун соат тахминан 6−7 ларда топди. У янги кийимда, маҳалланинг болаларига яқин жойда ўйнаётган эди. Биз унга ким қараганини билмаймиз. Шу ерда яшовчиларнинг сўзларига кўра, у ёши катта одам экан», — деди Қобилжон Абдурахимов.

«Яккасарой ИИББ ходимлари гувоҳларни сўроқ қилишда давом этмоқда. У ким бўлишидан қатьи назар, унга боламизга меҳрибончилиги учун миннатдорлик билдирамиз», — деб илова қилди у.

Шунингдек, боланинг отаси Муроджоннинг қидирувига ёрдамлашган ва четда қараб турмаган барчага раҳмат айтди.