«Пахтакор» футбол клубининг уй стадиони 2017 йил охирига қадар бузилади. Унинг ўрнига 30 минг томошабин ўрнига эга янгисини бунёд этиш режалаштирилмоқда, деб хабар қилди жамоа матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Айни пайтда клуб раҳбарияти бўлғуси иншоотнинг 3−4 хил концепциясини кўриб чиқмоқда. «Янги стадион лойиҳаси ҳозирча тасдиқлангани йўқ, бироқ яқин вақтларда у ҳукуматга тақдим этилади. Ҳозирча аниқ муддатларини айта олмаймиз. Бузиш тўғрисидаги қарор мухлислар учун шароитларни яхшилаш мақсадида қабул қилинди, зеро айрим жойларда югуриш йўлакчаси билан трибуна ўртасидаги масофа 100 метргачани ташкил этади», — деди «Газета.uz» суҳбатдоши. Унинг айтишича, янги арена қурилиши муддати лойиҳа ҳукумат томонидан кўриб чиқилганидан сўнг маълум бўлади.

Шу кунларда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида клубнинг машғулотлар базасини реконструкция қилиш ишлари бошланмоқда. Шу муносабат билан жамоа машғулотлар олиб бориш учун «Жар» стадионини ярим йил муддатга ижарага олди.

«Пахтакор» стадиони 1956 йилда қурилган ва дастлаб 55 минг томошабинни ўз бағрига сиғдирган. Аммо 1996, 2008 ва 2012 йиллардаги қатор реконструкция ишларидан сўнг унинг сиғими 35 мингга қадар кичрайди.