12 июль куни Европа комиссиясининг халқаро тараққиёт ва ҳамкорлик бўйича бош директори Стефано Мансервиси раҳбарлигидаги Европа иттифоқи вакиллари делегацияси Евроиттифоқнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан ҳамроҳлигида Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда ЕИ делегациясининг Ўзбекистондаги идораси матбуот хизмати хабар қилди.

Стефано Мансервиси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан қишлоқ хўжалиги, иқтисодий тараққиёт, хусусий бизнес ва тадбиркорлик, сув ресурсларини бошқариш, энергетика ва чегараларни бошқариш масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан қатор учрашувларни ўтказишни режалаштирган.

Делегация, шунингдек ЕИга аъзо давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, шу билан биргаликда Осиё тараққиёт банки, JICA, KOICA, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФ жамғармаси, Жаҳон банки каби агентлик ва ташкилотлар билан учрашувлар ўтказиб, тараққиётнинг муҳим масалалари ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятларини муҳокама қилади.