2020 йилга қадар Самарқанд ҳудудида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда Samarkand city туризм зонаси ташкил этилади. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг 30 июндаги Самарқанд ва Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини ривожлантиришни жадаллаштиришнинг уч йиллик дастури тасдиқланган қарорида кўзда тутилган.

Samarkand city ҳудудида замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, маданий-соғломлаштириш ва кўнгилочар-савдо масканлари, жумладан амфитеатр, боулинг-клублар, караоке-барлар, кафе, ресторанлар, эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар дўконлари қурилади.

Дастурда умумий овқатланиш тизимини такомиллаштириш ва туристларнинг кечки бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун шароитлар яратиш, шу жумладан замонавий ресторанлар қуриш, нурли ва мусиқий шоу дастурларини ташкил этиш, ўзбек миллий мусиқасининг театрлаштирилган концерт дастурларини ташкил этиш, маданий мерос объектлари ҳудудида миллий урф-одат ва анъаналарни намойиш этиш кўзда тутилган.

авиарейслар ва тезюрар «Афросиёб» электропоезди қатновлари сонини кўпайтириш, Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот ташкил этиш, туристик намойиш объектларига олиб борадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан транспорт хизматини яхшилаш, шу жумладан, авиа ва темирйўл инфратузилмасини янада ривожлантириш белгиланган.

Самарқанд шаҳрининг батафсил лойиҳалаштириш планининг янгиланган режасини тасдиқлаган ҳолда зарур ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатган ҳолда махсус эсдалик совғалари шохобчаларини шаҳар кўчалари бўйлаб оқилона тақсимлаш, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишга кенг имконият яратган ҳолда туристлар гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудларини ташкил этишни назарда тутган ҳолда Самарқанд шаҳри ҳудудини ободонлаштириш белгиланган.

«Самарқанд нонлари», «Самарқанд ҳунармандлари», «Миллий таомлар», «Шарқ ширинликлари» каби ҳар йилги мавзули фестивалларни ташкил этиш ва ўтказиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш, экскурсияларнинг туристик хариталарини тайёрлаш, шунингдек оммабоп хорижий телеканалларда Самарқанднинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари ва бой тарихига бағишланган маълумотларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва оммабоп ижтимоий тармоқларда жойлаштириш орқали кенг қамровли реклама кампаниясини ўтказиш ва Самарқанд шаҳри брендини тарғиб этиш режалаштирилган.

Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали ҳудудида ташриф буюрувчи кўплаб меҳмонлар ва туристларнинг, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг аҳолисини оилавий ҳордиқ чиқариши учун йил давомида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконини берувчи замонавий спортзал, спорт майдончалари, усти очиқ ва ёпиқ бассейнлар, шунингдек оилалар учун меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар, сув аттракционларини ўз ичига олган ҳордиқ чиқариш инфратузилмасининг бошқа объектларидан ташкил топган спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион мажмуаси барпо этилади.

Янги туризм йўналишларини ташкил этиш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш, шу жумладан «Зарафшон» давлат қўриқхонаси ҳудудини ва у ерда сақланаётган Бухоро буғусининг (хонгулнинг) туристлар томонидан кенг қамровли кузатилиши учун илмий-рекреацион ҳудудларни ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларини барпо қилиш шарти билан ҳудудда туризм мажмуаси ва экотуризм зоналари ташкил қилиш кўзда тутилган.

Дастурда асосий эътибор зиёрат туризмини ривожлантириш ва зиёратчи-сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган. Пайариқ туманидаги «Имом ал Бухорий» мажмуасини реставрация қилиш, Нуробод туманидаги «Хазрати Довуд», Ургут туманидаги «Ғавсул Аъзам» ва бошқа зиёрат объектлари ҳудудини ободонлаштириш режалаштирилган.

Ҳисоб-китоб қиймати 39,34 млрд сўм бўлган дастурнинг амалга оширилиши 2020 йилга қадар хорижий саёҳлар сонини икки баробар оширишга имкон бериши кутилмоқда.