Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкентдаги Сергели-6 мавзесида қурилаётган янги уй-жойлар қурилиши билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Давлат раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги қарорига мувофиқ 2017−2020 йилларда мамлакатимиз шаҳарларида 945 кўп қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. 2017 йилда 191 кўп қаватли уй қурилиши белгиланган. Шундан 102 таси Тошкент шаҳрида бунёд этилмоқда.

Сергели туманидаги қурилиш ишлари учта майдонда олиб борилмоқда. 6-мавзедаги 66 та етти қаватли уй мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида ўз эгаларига топширилади. Бошқа майдонлардаги 36 та кўп қаватли уйни қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Шунингдек, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, дам олиш жойлари, поликлиникалар, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва инфратузилманинг бошқа объектлари қурилиши режалаштирилган.

Президентимиз ушбу уйлардан бирига кириб, бу ерда яратилаётган шароитлар билан қизиқди.

Шу ерда Сергели туманини комплекс ривожлантириш бўйича истиқболдаги режалар намойиш этилди.