Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Халтмаагийн Баттулгани Монголия Президенти этиб сайлангани билан табриклади, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

«Сизнинг сайловлардаги ишончли ғалабангиз Монголия халқининг Сиздек бой амалий тажрибага эга ва ўз халқи ва мамлакати манфаатларига содиқ хизмат қилувчи машҳур ва нуфузли сиёсий арбобга бўлган юқори ишончи ва ҳурматини тасдиқлади», — дейилади давлатимиз раҳбари мактубида.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Монголияни кўп асрлик тарихга ва ўзига хос маданиятга, сезиларли табиий, иқтисодий ва транспорт-коммуникация салоҳиятларига эга давлат сифатида тан олади.

Дипломатик муносабатларнинг 25 йиллик даврида Ўзбекистон билан Монголия ўртасида конструктив сиёсий мулоқот, халқаро ташкилотлар, аввало, ШҲТ доирасида ҳамкорлик ўрнатилди, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилди.

«Ўзбекистон ва Монголия томонларни қизиқтирган барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш учун кенг имкониятларга эга», — деб қайд этилган мактубда.

Ўзбекистон Президенти «биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали давлатларимиз ва халқаларимиз фаровонлиги йўлида икки томонлама муносабатларимизда сифат жиҳатдан янги саҳифани очамиз», — деб эътироф этди.