Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан эълон қилинган барча ёшдаги профессионал ва ҳаваскор ижодкорлар учун Қисқа метражли фильмлар лойиҳалари учун танлов ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар қилди.

Танловда иштирок этиш истагини билдирган, республиканинг турли вилоятларидан келган кўплаб ёш ижодкорларнинг лойиҳалари 1 июлга қадар қабул қилинди ва улар орасидан саралаб олинган энг яхши тўққиз нафар талабгорнинг лойиҳаси 7 июль куни кўриб чиқилди.

Танловда иштирок этган ёш ижодкор Гулнора Иванованинг «Фонтан» номли қисқа метражли фильм лойиҳаси танлов комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан ғолиб деб топилди.

Мухаммадхон Юсуповнинг «Кино» номли қисқа метражли фильм лойиҳаси комиссия аъзолари томонидан юқори баҳоланганлиги боис, мазкур фильм продюсер Изатилла Рашидов томонидан «Илк фильм» киностудиясида суратга олиш учун қабул қилинди.

Кинематографияни ривожлантириш маркази танловда ғолиб чиққан Г. Ивановага «Фонтан» номли қисқа метражли фильм лойиҳаси асосида фильм ишлаб чиқариш ишларига ҳар томонлама кўмаклашиш билан бирга яратилган фильмни маҳаллий ва халқаро кинофестивалларга тавсия этишни ўз зиммасига олади. Шунингдек, Марказ танловда иштирок этган бошқа ёш истеъдотлар билан келгусида янги лойиҳалар устида ишлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўяди.