Ўзбекистон Марказий банки 11 июлдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги курсларини белгилади.

АҚШ доллари курси 4000 сўмлик чегарадан ошиб, ўтган ҳафтадаги нисбатан 27,95 сўмга қимматлади ва 3986,55 сўмдан 4014,5 сўмга етди.

Жорий йил бошида 3231,48 сўмни ташкил этган Америка доллари миллий сўмга нисбатан 24,2 фоизга ошди. 2016 йил давомида эса долларнинг сўмга нисбатан курси 15 фоизга ошган эди.

Сешанба куни евронинг сўмга нисбатан курси 33,44 сўмга ошиб, 4568,9 сўмга етади. Айни пайтда Россия рубли 0,64 сўмга арзонлади ва 66,49 сўмни ташкил этди.

Марказий банк ҳар ҳафта валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини белгилайди.

Шу билан бирга, Norma.uz маълумотига кўра, ҳукумат 30 июнь куни биржадан ташқари валюта бозорида айрим операциялар бўйича хорижий валюталарнинг бозор курсини жорий этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Жумладан, ваколатли банклар ва уларнинг мижозлари ўртасида ўтган ҳафта давомида амалга оширилган банклараро савдо сессияларида қайд этилган ўртача валюта қиймати бўйича хорижий валюталарни сотиш ва сотиб олиш юзасидан операциялар ўтказиш тўғрисидаги қоида бекор қилинган.

Ушбу курс бўйича импорт қилинган истеъмол товарлари ва хизматларни (жумладан транспорт ва алоқа) сотишдан тушадиган сўмдаги даромадлар эркин конвертация қилинувчи валютада конвертация қилинмайди.

Шундай қилиб, ваколатли банклар тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида биржадан ташқари валюта операцияларида бозор курси бўйича операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.