Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари 21 ёшли йигитни Чирчиқ дарёсидаги оролчадан эвакуация қилишди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

6 июль куни 22:07 да ФВВга Тошкентнинг Бектемир туманида сувда тўғри ҳаракатланиш қоидаларини бузган ёш йигит Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида кичик оролчада қолиб кетгани ҳақидаги маълумот келиб тушади.

Қутқарувчилар ҳодиса жойига 22:20 да етиб келишади. Куннинг кеч бўлгани, кўришнинг қийинлиги ва оқимнинг кучли эканига қарамасдан, ФВВ ходимлари резина қайиқда йигитни қутқариб, унга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишди ва яқинлари қўлига топширишди.

Ўзбекистон ФВВ жорий йилда Чирчиқ дарёсининг сатҳи ўртача кўп йиллик меъёрдан ошгани ва дарёда чўмилиш хавфли экани ҳақида огоҳлантирмоқда.