2018 йил 1 январдан Ўзбекистонда нодавлат нотариуслар фаолиятини қайта тиклаш режалаштирмоқда. Нодавлат нотариуслар фаолияти 2010 йилнинг майида тўхтатилган эди. ЎзАнинг хабар беришича, бу ҳақда жума куни соҳадаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан жорий йилнинг 12−17 июнь кунлари кенг жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўров натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадқиқотда бутун Ўзбекистондан 1104 киши иштирок этди. Уларнинг 58,1 фоизини тошкентлик респондентлар ташкил этди. 588 респондент нотариат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, идоралар сонини ошириш, хусусий нотариал амалиётга рухсат бериш зарурлигини ёқлаб чиқди. 771 нафар респондент мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун талаб қилинаётган ҳужжатлар рўйхатини оптималлаштириш ва ягона маълумотлар базасини яратиш зарур деб ҳисоблайди. 691 кишининг фикрича, нотариал хизматлар учун тўловлар тизимини кескин қайта кўриб чиқиш ва уларнинг шаффофлигини таъминлаш зарур.

Жамоатчилик сўрови аҳоли ўртасида нотариал хизматларга бўлган талаб юқори эканини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг ҳар учинчиси сўнгги бир ойда нотариусларга мурожаат қилгани, ҳар тўртинчи респондент охирги уч ойда мазкур турдаги давлат хизматидан фойдалангани шундан далолат бермоқда.

Сўровда иштирок этганлар нотариал идоралардаги ортиқча вақт ва маблағ йўқотишлар, ходимлар сонининг камлиги, нотариусларнинг муомала маданияти ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш малакаси пастлигини тизимдаги асосий муаммолар сифатида кўрсатган.

Таҳлиллар аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ишларни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда нотариал идоралар ахборот бурчакларида кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган давлат божлари миқдори аниқ кўрсатилганига қарамай, сўровда фуқароларнинг учтадан биттаси нотариал идоралар томонидан хизмат кўрсатиш тартиб-таомилларини, нотариал хизматлар учун олинадиган давлат божи миқдорларини билмаслиги маълум бўлган.

Анжуманда нотариуслар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, 2018 йил 1 январдан бошлаб нодавлат нотариуслар фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг қарийб ярми турли ҳужжатларни тасдиқлаш билан боғлиқлиги инобатга олиниб, мажбурий тасдиқдан ўтказилиши лозим бўлган ҳужжатлар сонини қисқартириш бўйича иш олиб борилмоқда.

Соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш юридик хизматлар сифати ва тезлигини оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу борада биргина кўчмас мулк билан боғлиқ амалиётларни амалга ошириш чоғида тақиқларни текшириш бўйича электрон базанинг шакллантирилгани фуқароларга, тадбиркорлик субъектларига, қолаверса, нотариуслар учун ҳам қулайлик яратмоқда.

Фуқароларнинг нотариуслар қабулига электрон тартибда ёзилишини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Тизим ишга тушиши натижасида мурожаат этувчиларнинг нотариал идоралар олдида навбат кутишига барҳам берилади.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан тизимдаги нопок ходимларни аниқлаш бўйича ҳам изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган рейдлар натижасида 67 ходимга турли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилган. Жумладан, нотариал идораларнинг 5 ходими ишдан бўшатилган, 27 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.