Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига сафари чоғида Чуст туманида қурилаётган Ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи завод имкониятлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«Ифода агро кимё ҳимоя» МЧЖ ўз маблағи ва «Ҳамкорбанк» кредитлари ёрдамида бунёд этаётган ушбу заводда қишлоқ хўжалиги экинларини турли касалликлардан ҳимоя қилувчи 28 турдаги кимёвий препаратлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Корхонанинг лойиҳа қиймати 6,5 миллион долларни ташкил этади.

Ушбу завод ишга тушганидан кейин хориждан келтирилаётган кимёвий препаратлар билан мамлакатни тўлиқ таъминлаш, ҳатто хорижга экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Президент препаратларни тайёрлашда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, экспортни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Наманган вилояти ҳудудидаги паст рентабелли адирларда ёнғоқзор, пистазорлар бунёд этиш, пахта ва ғалла майдонларини камайтириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, ковул экишни ташкил қилиш, паррандачилик ва эчкичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта ва ғалла майдонларини кескин камайтириш, унинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинларини экиш лозимлигини таъкидлади.

Мамлакатнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Наманган вилоятида ўсадиган ковул барги, меваси ва томир пўсти табобатда қўлланилади. Турли шишларни даволаш, нафас қисиши, талоқ қотиши, қуртларни ҳайдаш, полиартрит, бўқоқ каби касалликларни даволашда ишлатилади. Бу йил вилоятнинг 3 минг гектардан зиёд майдонида ушбу ўсимликни экиш режалаштирилган. Кам харажат ва оз меҳнат талаб қиладиган бу ўсимликдан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин.

Президент ковул етиштириш бўйича илмий асосларни ишлаб чиқиш, экспорт қилиш механизмини яратиш, вилоятда ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.