Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Поп туманидаги «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли Кўмир брикети ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди, деб хабар қилди ЎзА.

Қиймати 7 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа натижасида йилига 500 минг тонна кўмир брикети ишлаб чиқарилади. Корхонада 160 иш ўрни яратилди.

Президент брикет ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Маҳсулотнинг нархи, самарадорлиги билан қизиқди. Заводда кўмир кукуни замонавий технология асосида қайта ишланиб, қуввати юқори моддалар билан бойитилади, ҳид ва зарарли газлардан тозаланади, ташиш учун қулай қилиб қадоқланади.

Завод маҳсулотларини мамлакат ҳудудларига тарқатиш пунктлари ташкил этиш, брикет ва уни ёқишга мос печларни аҳолига етказиб бериш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш кераклиги таъкидланди.

Бу ерда «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Наманган вилоятида 2017−2018 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга 200 млн долларлик инвестиция йўналтирилмоқда.

Поп туманида цемент, шифер, асбест қувурлар, бетон ва ярим синтетик мойлаш материаллари, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида цемент, Наманган шаҳрида керамик плита ва сантехника маҳсулотлари, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида пишиқ ғишт, Чуст туманида пардозлаш тошлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.