Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди ЎзА.

Давлат раҳбари суҳбат аввалида Қозоғистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этди. Ўзбекистонда Президент Нурсултон Назарбоевни жаҳон миқёсидаги буюк давлат арбоби ва улкан сиёсатчи, мамлакатнинг яқин дўсти ва ишончли ҳамкори сифатида яхши билиши таъкидланди.

Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари жорий йилда олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишнинг муҳим жиҳатларини муҳокама этдилар.

Барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми кўпайди, Тошкент, Остона ва Олмаота шаҳарлари ўртасида поезд қатнови йўлга қўйилди, пойтахтлар ўртасида авиақатнов кўпайди, автобус қатновини қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Мамлакатлар ҳудудлари ўртасида ўзаро шериклик муносабатлари йўлга қўйилиб, изчил ривожланмоқда.