2016 йилда Ўзбекистон Олий суди томонидан кўриб чиқилган 87 фоиз фуқаролик ишлари (446 ишдан 390 таси) қайта кўриб чиқиш учун қуйи босқичларга юборилган. Атиги 13 фоиз иш бўйича Олий судда якуний қарор қабул қилинган.

Соҳадаги энг долзарб масала — фуқароларнинг судма-суд сарсон-саргардон юришининг олдини олиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинган асосий мавзулардан бўлди.

Жорий йил июнь ойининг ўзида Олий судда 24 фуқаролик ишига якуний нуқта қўйилди, жиноят ишлари бўйича киритилган протестларни кўриш натижасида, ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани учун 7 шахс оқланди, 4 нафари жазодан озод этилди, 2 нафарига нисбатан жиноят иши тугатилди, 17 шахсга нисбатан тайинланган жазо муддатлари камайтирилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, кейинги пайтда Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг сезиларли қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат беради. Бу борада Олий судга кунига ўртача 250 дан ортиқ мурожаат келиб тушмоқда.

Тадбирда ушбу мурожаатларни ҳал этишда вилоят, туман судлари сусткашликка йўл қўяётгани, айрим туман судлари мурожаатларни ҳатто очиб кўрмаётгани қаттиқ танқид қилинди. Вилоят судлари раислари ҳафтада камида уч кун туманларга, жойларга чиқиб, судларнинг иш юритувини ўрганиши шарт экани, бундай ўрганишлар ҳар бир судларда ўтказилиши таъкидланди.

Бу борада Олий суд раёсатининг шу йил 24 июндаги қарори билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар режаси амалиётга жорий этилмоқда. Мазкур қарор билан суд тизимида зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Унинг ижросига масъул бўлган Олий суд ишчи гуруҳлари тузилди. Мазкур дастурларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.

Судларда узоқ муддатлардан буён якуний ечимини топмай келаётган ишлар рўйхати тузилди, уларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Судларда ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Олий суд раёсатининг «Сайёр суд мажлисларини ўтказиш бўйича услубий тавсияларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, услубий тавсиялар ва сайёр суд мажлислари ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлган ишлар рўйхати тасдиқланиб, барча судларга юборилди.

Олий суд ва вилоят судлари томонидан қуйи судлар иш юритувидаги мураккаб тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни олиб биринчи инстанцияда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Иқтисодий судлар самарали қўллаб келаётган ишларни видеоконференцалоқа тизими орқали кўриб чиқиш амалиёти фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судларга ҳам татбиқ этилмоқда.