Ўзбекистонда нодавлат нотариусларнинг фаолиятига рухсат берувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш босқичида. Мазкур чоралар нотариал хизматлар сифатини яхшилаш ва рақобатни ривожлантиришга йўналтирилган, деб хабар қилди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ином Қудратов жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан июнь ойида соҳадаги муаммоларни таҳлил қилиш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўров натижалари ҳам маълум қилинди.

Тадқиқотда бутун Ўзбекистондан 1104 киши иштирок этди. Уларнинг 58,1 фоизини тошкентлик респондентлар ташкил этди. Кўпчилик фуқаролар (32,1 фоиз) сўнгги бир ойда нотариал идоралар хизматларидан фойдаланган.

588 респондент нотариат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, идоралар сонини ошириш, хусусий нотариал амалиётга рухсат бериш зарурлигини ёқлаб чиқди.

64,9 фоиз респондент эса нотариал хизматлардан фойдаланишда ноқонуний хатти-ҳаракатларга дуч келганини маълум қилган. 678 киши идора ходими прейскурантда кўрсатилгандан жуда катта миқдорда тўлов талаб қилганини таъкидлаган.

Кўпчилик иштирокчилар — 788 киши — нотариал идорада бир неча соат ёки кунлар давомида навбат кутганидан шикоят қилган.

771 нафар респондент мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун талаб қилинаётган ҳужжатлар рўйхатини оптималлаштириш ва ягона маълумотлар базасини яратиш зарур деб ҳисоблайди. 691 кишининг фикрича, нотариал хизматлар учун тўловлар тизимини кескин қайта кўриб чиқиш ва уларнинг шаффофлигини таъминлаш зарур.