Ўзбекистон Президентининг 5 июлдаги фармони билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Президентнинг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси ва Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланди. Ҳужжатлар давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.

Муқаддам Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаган Қаҳрамон Қуронбоев 30 июнь куни Ёшлар иттифоқи (собиқ «Камолот» ёшлар ҳаракати) раҳбари этиб сайланган эди.

Иттифоқ марказий кенгаши раисининг бир вақтда Президент давлат маслаҳатчиси ва сенатор бўлиши ҳақида Шавкат Мирзиёев худди шу куни ёшлар ташкилотининг қурултойида маълум қилган эди.

Давлат раҳбари ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланиши ҳақида маълум қилди.