Ўзбекистон минтақада йирик гидротехник иншоотлар қурилиши бўйича ўз позициясига содиқ қолади, дея маълум қилди Абдулазиз Камилов чоршанба куни ватандошлар билан мулоқот жараёнида.

«Биз бундай плотиналар қурилишида дарёларнинг ҳам юқори, ҳам қуйи қисмидаги давлатлар манфаатлари ҳисобга олиниши керак, деган позицияда туришда давом этамиз», — деди ТИВ раҳбари Тожикистонда Роғун гидроэлектр станцияси қурилиши бошлангани тўғрисидаги саволга жавоб қайтарар экан.

У БМТнинг Марказий Осиёда огоҳлантирувчи дипломатия бўйича Минтақавий маркази томонидан таклиф қилинган Амударё ва Сирдарё бўйича иккита конвенцияни ёдга олди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон учун бу мутлақо мақбул. Тожикистон томони масалани кўриб чиқмоқда, Қирғизистон эса ҳозирча жавоб бергани йўқ, деди Абдулазиз Камилов. «Марказий Осиёда сув ресурсларини ақл ва адолат билан тақсимлаш бўйича минтақавий келишувга эришишнинг бошқа муқобили йўқ», — деди у.

Мазкур позицияни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Жаҳон банки ва йирик давлатлар қўллаб-қувватлайди.

«Шунинг учун умид қиламанки, яқин вақтлар ичида эксперт учрашувларини бошлаймиз, кейин босқичма-босқич даража ошиб, ўзаро тушунишга эришамиз», — дея қўшимча қилди вазир.

«Биз тожик томонига: „Роғун қурилишини тўхтатинг“, — демаймиз», — таъкидлади у. Вазир кафолатлар, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек баҳсли масалаларни ҳал этиш ва эҳтимолий зарарларни қоплаш механизмлари ҳақида БМТ таклиф этган конвенцияларга мос тарзда биргаликда келишиб олишга чақирди.

Абдулазиз Камилов сўзларига кўра, бу каби конвенциялар дунёда етарлича ва шу йўл билан турли ҳудудларда давлатлар ўртасидаги жиддий масалалар ҳам бўлган.