Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июлдаги фармони билан 70 ёшини нишонлаётган Мираброр Усмоновни «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.

Мираброр Усмонов — таниқли давлат ва спорт арбоби. 1990—1992 йилларда Ўзбекистон савдо вазири бўлган, 1992—1994 йилларда эса «Ўзбексавдо» компаниясига раҳбарлик қилди. 1994—2005 йилларда бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.

2006 йилдан Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти. 2013—2016 йилларда бир вақтнинг ўзида Миллий олимпия қўмитасига раҳбарлик қилди.

2005 йилдан сенатор, айни пайтда — Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси ўринбосари.

Мираброр Усмонов «Меҳнат шуҳрати» (1995 йил), «Фидокорона хизматлари учун» (2007) ва «Эл-юрт ҳурмати» (2011) орденлари соҳиби. Бундан ташқари, у Осиё Олимпия кенгашининг «Олтин орден» ва ФИФАнинг «Хизматлари учун» мукофотларига лойиқ топилган.