10 йил давомида Республика байналмилал маданият марказини (май ойида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига айлантирилди) бошқарган Насриддин Муҳаммадиев 70 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Насриддин Муҳаммадиев 1946 йилнинг 2 декабрида Қашқадарё вилоятида туғилган. 1968 йилда Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Худди шу йили меҳнат фаолиятини «Тошкент оқшоми» газетасида бошлади.

1976—1979 йилларда Эронда эрон тилидан таржимонлик қилган. 1983—1993 йилларда «Ёшлик» журналида масъул котиб лавозимида фаолият кўрсатган. 1993—1994 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг (ЎзА) халқаро ахборотлар бўлимини бошқарди.

1994—1996 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг биринчи котиби бўлиб ишлади. 1996—1999 йилларда эса Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси биринчи котиби бўлди. 1999 йилдан 2005 йилгача Президент девони матбуот хизмати етакчи консультанти сифатида меҳнат қилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси жамоаси Насриддин Муҳаммадиевнинг яқинларига ўз ҳамдардлигини билдирди.