Ўзбекистон ҳукумати 29 июндаги қарори билан ички ишлар органлари ходимларига имтиёзли шартларда турар жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартибларини тасдиқлади.

Ҳужжат ички ишлар органлари ходимларининг турар жой-маиший шароитларини янада яхшилаш ва уларни замонавий турар жой билан таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Ипотека кредитлари ходимларга турар жой қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал тўлангандан кейин камида 10 йил муддатга берилади. Агарда кредит халқаро ва хорижий молия институтларининг грантлари ва инвестициялари ҳисобидан тақдим этилса, ипотека кредитидан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 2 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда ажратилади.

Ички ишлар органларининг алоҳида ўрнак кўрсатган, юксак профессионализм даражасини намоён қилаётган, ҳуқуқбузарликларга қарши курашга салмоқли ҳисса қўшаётган ва ички ишлар вазири томонидан белгиланадиган ходимлари узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлар навбатдан ташқари тартибда берилади.

Шу мақсадда 2021 йилга қадар ҳар йили 504 тадан қўшимча квартиралар қуриш ҳудудий дастурларга киритилади (жами — 2520 квартира, жумладан 280 таси Тошкентда, ушбу миқдор ИИВ таклифига кўра ўзгариши мумкин).

ИИВнинг намунали ходимларига дастлабки тўловни амалга ошириш учун 5 йилга фоизсиз узоқ муддатли қарзлар тақдим этилади. Бундан ташқари, кредит бўйича ҳисобланган фоизларнинг 50 фоизи ИИВга субсидия сифатида ажратилувчи давлат бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.