«Туркменистан» авиакомпанияси йил охирига қадар Ашхобод-Тошкент-Ашхобод йўналиши бўйича авиапарвозларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Рейснинг очилиши билан боғлиқ масалалар 28 ва 30 июнь кунлари Тошкентда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ва туркман авиаташувчиси вакиллари учрашувида муҳокама қилинди.

МАК матбуот хизматининг хабар қилишича, томонлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туркманистон авиакомпанияси ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш ва борт озиқ-овқати билан таъминлаш тўғрисидаги шартномаларни имзолади.

Музокараларда ташувга оид ҳужжатларни ўзаро тан олиш ва ҳар икки авиаташувчига шерик томоннинг рейсларига авиачипталарни расмийлаштириш ҳуқуқини берувчи тижорий интерлайн-келишув лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.