Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 20−21 январь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Мўйноқ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммосини ҳал қилишга қаратилган Қўнғирот — Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши лойиҳасининг бошланишига тамал тоши қўйган эди.

Орадан роса 5 ой ўтиб, 101 километр узунликда қувур ётқизилиб, туман аҳолиси учун тоза ичимлик суви етказиб берилди, деб хабар қилди ЎзА.

Мазкур бунёдкорлик ишларига 26,6 млрд сўм маблағ сарфланди. Қурилиш-монтаж ишлари бош пудратчи — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «СПМС» махсус кўчма механизациялашган станция қурувчилари томонидан амалга оширилди.

Ушбу иншоотнинг ишга туширилиши натижасида бир суткада 7 минг куб метр сув узатиш ва 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилди.

«Тоза ичимлик суви ҳудуд аҳолисининг кўп йиллик орзуси эди, — дейди „Нуроний“ жамғармаси Мўйноқ тумани бўлими бошлиғи Жангабой Жусипов. — Шу пайтгача аҳоли Амударё ёки ер ости сувидан фойдаланиб келар эди».

Давлат раҳбарининг жорий йил 18 январдаги «2017−2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида"ги қарори асосида нафақат туман маркази, балки чекка овуллардаги аҳолини ҳам сифатли ичимлик суви билан таъминлаш кўзда тутилган. Хусусан, «Нукус, Беруний, Мўйноқ, Қўнғирот ва Қораўзак туманларининг сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизациялаш» лойиҳаси доирасида Мўйноқ туманидаги 6 аҳоли пунктида яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади. «Мўйноқ-Учсой» сув тармоғи яна 1,51 километр узайтирилиб, олис овул аҳолисига сифатли ичимлик суви етиб боради.

Президент 28 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017−2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра, туманда 72 лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган бўлиб, бугунги кунда 36 лойиҳа ижроси доирасида 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов сўзга чиқди.