Ўзбекистон Пенчак-силат федерацияси 9 сентябрь куни Тошкентда силат бўйича Asian Fight 2017 халқаро шоу-мусобақасини ўтказишни режалаштирмоқда. Тадбирда жаҳон юлдузлари — актёр Жан-Клод Ван Дамм, аралаш яккакурашлар жангчилари Федор Емельяненко ва Жефф Монсон, шунингдек диджей Армин ван Бюрен меҳмон сифатида иштирок этиши мумкин, деб хабар қилди федерация президенти Азиз Жўрабоев «Газета.uz"га.

«Мусобақани ўтказиш тўғрисида ахборот тарқатаётган ОАВлар бизнинг тасдиғимизни олишгани йўқ. Биз ҳар бир меҳмон билан музокаралар олиб бормоқдамиз, бироқ уларнинг ташриф буюриши охиригача тасдиқлангани йўқ. Аниқ маълумотлар бир ҳафта давомида ойдинлашади. Ҳозирда биз ҳукуматдан ҳодисани ўтказишга ижозатни кутаяпмиз, шундан сўнг мусобақа ўтказилиши тўғрисида расман маълум қилиш мумкин бўлади», — деди Азиз Жўрабоев.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон спортчилари ва бошқа давлатлар вакиллари ўртасида профессионал силат қоидалари бўйича учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.

Тадбирнинг «Бунёдкор» стадионида ўтказилиши кутилмоқда. «Биз музокаралар жараёнидамиз», — дея қайд этди Азиз Жўрабоев.