Душанба куни пойтахтдаги Дўстлик боғида жойлашган Сеул боғида Ўзбекистондаги корейс диаспораси номидан «Ўзбек халқига илиқлик ва эзгулик учун миннатдорлик» мемориал ёдгорлигининг очилиши бўлиб ўтди. Ёдгорлик корейс халқининг Ўрта Осиё ҳудудига депортация қилиниши бошланганининг 80 йиллигига бағишланди.

Ёдгорлик очилиш маросимида Сеул мэри Пак Вон Сун иштирок этди. Тошкент ва Сеул 2011 йилдан буён биродарлашган шаҳарлар бўлишига қарамасдан, бу Жанубий Корея пойтахти раҳбарининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи ҳисобланади.

Маросимда Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳамда Корея Республикаси элчиси Квон Ён У, шунингдек республикадаги маданий марказлар вакиллари ҳам иштирок этди.

Корейсларни Узоқ Шарқдан Марказий Осиёга кўчириш ишлари 1937 йилда бошланган эди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудига жами 172 минг нафарга яқин корейслар депортация қилинган. Бугунги кунда фақатгина Ўзбекистонда 182 мингга яқин корейс диаспораси вакили истиқомат қилмоқда.

Ёдгорликни ўрнатиш бўйича танловда Артур Квон ғолиб деб топилди. Унинг қурилиши эса корейс диаспораси вакиллари томонидан молиялаштирилди. Ёдгорлик пойига корейс тадбиркорлари ва оддий фуқаролар гулчамбарлар қўйишди.