РИА Новости — Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатарга қарши ультиматум муддатини 48 соатга узайтирди, деб хабар қилди «Ал-Арабия» телеканали.

Душанба куни Кувайт араб шерикларини Дохага илгари сурилган талабларга жавоб бериш учун қўшимча вақт беришга чақирди.

Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср бешинчи июнь куни Доха билан дипломатик алоқаларни узиб, Қатар билан ҳар қандай алоқага чек қўйган эди. Араб давлатлари Қатарни терроризмни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ички ишларига аралашаётганликда айбламоқда. Кейинроқ уларга бошқа араб давлатлари ҳам қўшилди.

23 июнь куни Кувайт Қатарга араб давлатларининг талабларини етказди. Ультиматум 13 банддан иборат бўлиб, улар орасида Эрон билан дипломатик ва ҳарбий алоқаларни узиш, турк ҳарбий базаларини ёпиш, террористик ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатиш, қўшни давлатлар ички ишларига аралашишдан воз кечиш ҳамда «Ал-Жазира» сунъий йўлдош телеканалини ёпиш ўрин олган.

Ультиматум муддати якшанба куни кечаси поёнига етди.

Қатар ТИВ раҳбари Муҳаммад Абдурраҳмон Ал Таний душанба куни илгари сурилган талабларга Доханинг жавобларини етказишни мўлжалламоқда. Кейинроқ Миср ТИВ чоршанба куни Қоҳирада тўртта араб давлати ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари учрашишини маълум қилди. Унда Доха атрофидаги вазият муҳокама қилинади.

Ундан аввалроқ эса Қатар ҳукумати ультиматум шартларини бажармаслиги, уларни ўз суверенитетининг бузилиши деб ҳисоблашини маълум қилган эди.