23−27 октябрь кунлари Тошкентда пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг «Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта» мавзусидаги 76-ялпи мажлиси ҳамда XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишга тайёргарлик бошлаб юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг тегишли фармойишида сўз боради, деб хабар қилди «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси матбуот хизмати.

Йиғилиш ва ярмаркада дунёнинг 44 дан ортиқ мамлакатидан 1500 га яқин хорижий меҳмон ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг иштирок этиши кутилмоқда. Маълум бир мамлакатларда пахта ва тўқимачилик соҳаси ривожланиши, жаҳон пахта бозори тенденциялари, савдо, логистика ва суғурта масалаларига бағишланган 16 га яқин очиқ ва мавзули сессиялар ўтказилиши назарда тутилган.

Пахтанинг селекцион навларини яратишнинг генетикаси ва биотехнологияси, пахта етиштириш агротехникаси, уни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилади. Пахтага бирламчи ишлов бериш, пахта толаси сифатини инструментал баҳолаш, уни тўқимачилик йўли билан қайта ишлаш соҳаларидаги муаммо ва ютуқларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Хорижлик экспертлар, амалиётчи мутахассислар, таҳлилчилар, маркетологлар ва олимлар билан бирга йиғилишларда маҳаллий илмий тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларининг ёш олимлари ва талабалари ҳам иштирок этишлари назарда тутилган.

Анъанага кўра, Ялпи мажлис доирасида «Йил олими» халқаро мукофоти ҳам топширилади. Маълумки, 2013 йилда мазкур нуфузли мукофотга ўзбекистонлик селекционер олим, геномика ва биоинформатика Маркази директори, ЎзФА вице-президенти, фан доктори, профессор И.Абдураҳмонов сазовор бўлган эди.

Таъкидлаш керакки, 2016 йилда «Ўзпахтасаноатэкспорт» компанияси томонидан XII халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси юқори савияда ўтказилиб, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилгач, ана шундай кенг миқёсдаги халқаро форумни ўтказиш имконияти туғилди.