Тошкентдаги Акмал Абдураҳмонов 28 июнь куни Юнусобод туманининг Қошғар мавзесида (Ц-4) тенгдошлари томонидан калтакланганидан сўнг вафот этди.

Ёш ўсмирнинг вафоти тўғрисидаги ахборот дастлаб Facebook ижтимоий тармоғида пайдо бўлди. Гувоҳларнинг ёзишича, ўзаро жанжаллашаётган ёшлар тезда ажратиб қўйилган. Ички ишлар органлари ва тез тиббий ёрдам ходимлари тезда етиб келишди. Бироқ Акмалнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

Тошкент шаҳар ИИББдан аниқлик киритилишича, содир бўлган ҳодиса бўйича Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми бўйича (оғир тан жароҳатини етказиш) жиноий иш очилган. Бироқ Акмал Республика нейрожарроҳлик илмий марказида вафот этганидан сўнг иш 104-модда 3-қисми (жабрдийданинг ўлимига олиб келган танага оғир жароҳат етказилиши) бўйича қайта тоифаланган.

«Юнусобод туман Ички ишлар бўлими Тергов-суриштирув гуруҳи мазкур иш бўйича тергов ишларини олиб бормоқда. Гумондорлар исм-шарифи ва сони тергов манфаатлари ва гувоҳлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳозирча маълум қилинмайди», — дея хабар қилди ИИББ вакили «Газета.uz"га.

Эслатиб ўтамиз, ЖКнинг худди шу моддаси бўйича тергов-суриштирув ишлари июнь ойи аввалида Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Ибрагимов ўлими бўйича ҳам олиб борилмоқда.