Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларининг ликвидлиги мониторингини амалга ошириш, шунингдек хўжалик субъектлари томонидан тўловлар, жумладан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни давлат бюджетига узлуксиз тўлаб боришини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 июндаги «Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари турлари билан кафолатли таъминлашнинг кечиктириб бўлмайдиган чоралари тўғрисида"ги қарорида сўз боради.

Ҳужжатда қайд этилишича, Марказий банк пул-кредит сиёсати, жумладан қисқа муддатли ликвидлик ва мажбурий захира талаблари ставкаларини бошқариш бўйича операциялар воситаларини фаоллаштириш ва улардан моҳирлик билан фойдаланиши, шунингдек тижорат банклари томонидан иқтисодий қонунчилик меъёрларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириши лозим.

МБ Банклар ассоциацияси ва тижорат банклари билан ҳамкорликда замонавий тўлов технологияларини жорий этиш ҳамда банк пластик карталаридан фойдаланиш жозибадорлигини ошириш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

Давлат солиқ қўмитасига тижорат банклари билан биргаликда банкдан ташқари пул айланмалари ҳажмини қисқартириш бўйича қўшимча чоралар комплексини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Бунда хўжалик субъектлари даромадларини тўлиқ ва ўз вақтида инкасса қилиниши, доимий назорат текширувларини ўтказиш йўли билан уларнинг яширилишига йўл қўймаслик кўзда тутилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари кредитларини олиш имкониятлари кенгайтириш, саноат, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқиш соҳасида тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини амалга оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш йўли билан кредитлаш шартларини енгиллаштириш белгиланган.

Давлат статистика қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, МБ ҳамда бошқа вазирлик ва маҳкамалар билан биргаликда 2018 йил 1 январдан инфляцияни мониторинг қилиш ва ҳисоб-китобини юритишнинг такомиллаштирилган услубини жорий этиши лозим.