28 июнь куни Дин ишлари бўйича қўмитада «Иегова гувоҳлари» диний ташкилоти делегацияси — АҚШдаги бошқарув Кенгаши вакили Кеннет Флодин ва Европа бирлашмаси вакили Лорецо Трапанезе билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувни Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев олиб борди. Учрашувда, шунингдек, қўмита консультанти Б.Қодиров ва Чирчиқ шаҳридаги «Иегова гувоҳлари» диний ташкилоти вакили Н.Королевлар иштирок этди.

Ўзаро танишувдан сўнг делегация аъзолари Ўзбекистондаги диний вазият ва қўмита фаолияти билан таништирилди. Жумладан, Ўзбекистонда диний эркинликларнинг миллий қонунчилик, хусусан, Конституциянинг тегишли моддалари ва «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуни билан мустаҳкамлангани алоҳида тилга олинди.

Учрашув давомида Флодин ташкил этилган учрашув ва берилган маълумотлар учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, ўз ташрифининг асосий сабаби — ташкилот фаолиятига оид масалалар муҳокамаси эканини айтиб ўтди.

Ўтказилган суҳбат ниҳоясида делегация аъзолари қабулдан мамнун эканликларини изҳор этиб, томонлар келгусида ҳам бу каби мулоқотни давом эттириш мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Учрашув ўзаро ҳурмат руҳида бўлиб ўтди.