Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Ички ишлар вазирлиги Академиясига ташриф буюриб, у ерда яратилган шароитлар билан танишди, деб хабар қилди «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастури.

Шавкат Мирзиёевга ИИВ Академиясини 2017−2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши тақдим этилди. Улар профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш, таълим жараёнини ташкил этиш ва номзодларни таълимга мақсадли тайёрлаш, ходимлар малакасини ва соҳавий хизматлар фаолиятини яхшилаш, янги инновацион таъминот бўйича фонд ташкил этиш ва моддий-техник базани мустаҳкамлашдан иборат.

Академия фаолияти билан танишар экан, давлат раҳбари таълим сифати ва академия мақомини ошириш лозимлигини таъкидлади. «Ном бор, шароит бор, лекин билим йўқ. Стратегия йўқ», — дея қайд этилди репортажда.

«Академияда ўқитиш оддий университетдаги ўқитишдан мутлақо фарқ қилмайди, шунинг учун энг қисқа муддатларда ИИВ Академияси бутунлай янги ўқув даргоҳига айланиши лозим», — дея Президент сўзига асосланиб хабар қилинди лавҳада. Шавкат Мирзиёев мисол сифатида Хитой Жамоатчилик хавфсизлиги университети фаолиятини келтириб ўтди.

Президент ҳар бир вилоятдаги коллежларда ички ишлар сержантлари ва мутахассисларини тайёрлаш бўйича махсус синфлар ташкил этиш зарурлигини қайд этиб ўтди. Ўқувлар сентябрданоқ бошланиши лозим. Умумий билимлар ўз жойида олинади, махсуслари эса ИИВ Академиясида ўқитилади, деб хабар берди дастур.

Президент Мирзо Улуғбек туманидаги 8-сонли шаҳар ички ишлар бўлимига ҳам ташриф буюриб, ходимлар билан суҳбатлашди ва иш фаолияти билан танишди.

Бу ерда автомобилларнинг давлат рақамларини автомат равишда таниш ва қоидабузарликларни қайд этиш учун «Автокон» ускунаси тақдимоти ўтказилди. Мазкур ускуна йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори машинасига ўрнатилади ва оқимдаги автомобилларни орқа рақамлар орқали «танишга» имкон беради.